Шавкат Мирзиёевга янги ёрдамчи ва маслаҳатчи тайинланди

23.06.2025 23:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Шу вақтга қадар Президентнинг қизи Саида Мирзиёева эгаллаб келган нуфузли лавозим — Президент ёрдамчилигига Бекзот Мавлонов тайинланди.

Tayinlovlar

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармони билан Бекзот Мардонович Мавлонов Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёрдамчиси лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Унга кўра, Бекзот Мавлонов шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳуқуқий экспертиза ва комплекс таҳлил қилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимидан озод этилган.

Бундан ташқари, Азиз Юлдашевич Магрупов Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташқи инвестициялар масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланган ва шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёрдамчиси лавозимидан озод этилган.

Маълумот учун, тайинловга қадар Президент ёрдамчиси лавозимида Саида Мирзиёева фаолият кўрсатаётганди.

Kun.uz хабарига кўра, Комил Алламжонов Президент администрациясининг янги раҳбари Саида Мирзиёевага жамоатчилик асосида мустақил маслаҳатчи сифатида тайинланди.

Ушбу лавозимда у инновацион иқтисодиётни ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш, сўз эркинлигини таъминлаш ва мустақил оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш соҳаларида экспертлик ёрдамини кўрсатади.

Шунингдек, бир қатор мулозимлар бошқа ишга ўтиши муносабати билан ўз лавозимларидан озод қилинган. Жумладан:

Саидлазиз Саидасилович Саидкаримов — Президент Администрацияси Назорат инспекцияси бошлиғи лавозимидан;

Ўткиржон Ғайратович Қодиров — Президент Администрацияси Ҳудудлар билан ҳамкорлик қилиш ва таҳлилий материалларни тайёрлаш департаментининг раҳбари лавозимидан;

Жаҳонгир Жавоҳирлаевич Ибрагимов — Президент Администрацияси Режалаштириш ва ахборот таъминоти департаменти раҳбари ўринбосари лавозимидан озод этилди.