Трамп: Эронда ҳокимият алмашиши мумкин

23.06.2025 11:00 | 2 дақиқада ўқилади.

АҚШ президенти Доналд Трамп Эронда ҳукумат раҳбарлари ўзгариши мумкинлигини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, агар мавжуд режим мамлакатни тараққий эттира олмаса, унинг ўзгариши табиий ҳол бўлади.

Donald trump3

Трамп бу баёнотини Truth Social тармоғида эълон қилди. У “режим ўзгариши” атамасидан қочган ҳолда, Эронни яна буюк қилишга қодир бўлмаган ҳукуматни ўзгартириш зарурлигини илгари сурди. Унинг таъкидлашича, мавжуд ҳукумат Эрон манфаатлари йўлида самарали ҳаракат қилмаяпти.

Президент аввалроқ АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари Эрондаги бир неча ядровий иншоотларга зарба берганини маълум қилган эди. Жумладан, Натанз, Фўрду ва Исфаҳонда жойлашган объектларга Б-2 бомбардимончи самолётлари орқали зарбалар берилган. Трамп бу операцияни «муваффақиятли» деб баҳолади.

Эрон давлат ахборот агентлиги “Фарс”нинг ёзишича, Фордо ядровий иншоотига кичик зарар етган, бошқа объектлардаги аниқ йўқотишлар ҳозирча ошкор қилинмаган. Атом энергияси бўйича халқаро агентлик эса радиация оқиши қайд этилмаганини билдирди.

Мазкур вазиятга жавобан, Эрон президенти Масъуд Пизишкиён Америка зарбалари учун жавоб қайтарилишини таъкидлади. Унинг фикрича, ядровий инфратузилмага қилинган ҳужум халқаро ҳуқуқни бузиш ҳисобланади.