Украина АҚШнинг Эронга қарши амалиётларини қўллаб-қувватлади

23.06.2025 12:20 | 2 дақиқада ўқилади.

Украина Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ томонидан Эронга нисбатан амалга оширилган ҳарбий амалиётлар юзасидан расмий баёнот берди. Киев Вашингтон ҳаракатларини очиқ қўллаб-қувватлади ва юзага келган вазият учун Теҳронни айбдор деб ҳисоблашини билдирди.

Ukraina

Баёнотда таъкидланишича, айнан Эрон раҳбариятининг ҳужумкор сиёсати, Исроил ҳамда бошқа давлатларга нисбатан душманона муносабати ва халқаро майдондаги бузғунчи фаолияти минтақадаги кескинликка сабаб бўлган.

Украина, шунингдек, Эроннинг ядровий дастури глобал хавфсизлик учун жиддий таҳдид эканини қайд этди. Мамлакат ядро қуролидан ихтиёрий воз кечган давлат сифатида, мазкур дастур тўхтатилиши кераклигини талаб қилишда ўзини маънавий ҳақли деб ҳисобламоқда.

Ташқи ишлар вазирлиги Эрон Россияга Украинага қарши урушда техник ёрдам кўрсатаётганини ҳам таъкидлади. Жумладан, фуқаролар ва муҳим инфратузилмаларга зарба беришда фойдаланилаётган дронлар ҳамда технологияларни етказиб бераётгани айтилган. Шу билан бирга, Теҳрон Яқин Шарқда ўз прокси гуруҳлари орқали беқарорликни кучайтиришда давом этмоқда.

Украина Эрон раҳбариятини Россияни қўллаб-қувватлашни тўхтатишга чақирди. Киевнинг фикрича, “куч орқали тинчлик” тамойили минтақавий ва Европа хавфсизлигини мустаҳкамлашда ҳал қилувчи омил бўлади.