Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари 24 июнь куни Люксембургда бўлиб ўтадиган йиғилишда Яқин Шарқдаги зиддият ва Россияга нисбатан навбатдаги санкциялар масалаларини муҳокама қилади.
Йиғилишда асосий эътибор Исроил ва Эрон ўртасидаги кескинлик ҳамда Ғазода юзага келган гуманитар вазиятга қаратилади. Вазирлар айрим исроиллик амалдорларга нисбатан санкция қўллаш масаласини қайта кўриб чиқишни режалаштирмоқда. Бироқ ЕИдаги умумий келишувнинг йўқлиги сабабли бундай қарор қабул қилиниши эҳтимоли паст экани таъкидланмоқда.
Музокараларда, шунингдек, Россияга қарши санкцияларнинг 18-босқичи юзасидан келишув кутилмоқда. Бу босқичда янги экспорт ва импорт чекловлари, киберхавфсизлик, энергия ҳамкорлиги ва молиявий хизматларга оид чоралар киритилиши мумкин.
Мазкур учрашув 26–27 июн кунлари Брюсселда бўлиб ўтадиган Европа Иттифоқи етакчилари саммити ҳамда 24–25 июн кунлари Гаагада режалаштирилган НАТО саммити арафасидаги муҳим сиёсий тайёргарлик сифатида баҳоланмоқда.
Европа Иттифоқи сўнгги ойларда халқаро низолар юзасидан умумий позицияни шакллантиришда қийинчиликка учраётгани, хусусан, Яқин Шарқ ва Украина масалаларида аъзолар ўртасида фикрлар турлича экани қайд этилмоқда.