Евроиттифоқ Исроилга нисбатан санкциялар қўллаш ва имтиёзларини бекор қилишни муҳокама қилмоқда

23.06.2025 18:15 | 3 дақиқада ўқилади.

Европа Иттифоқи Исроилнинг инсон ҳуқуқлари борасидаги мажбуриятларини бузгани эҳтимоли сабаб иқтисодий босим чораларини кўриб чиқмоқда. Брюсселдаги яқинлашиб келаётган учрашувда санкция ёки имтиёзларни бекор қилиш масаласи муҳокама этилиши кутилмоқда.

Kaja kallas1

«Bild» нашри хабарига кўра, Европа Иттифоқи Исроилга нисбатан иқтисодий санкциялар жорий этиши ёки амалдаги божхона имтиёзларини бекор қилиши мумкин. Бунга сабаб сифатида Исроилнинг инсон ҳуқуқларига оид Евроиттифоқ билан тузилган келишувдаги мажбуриятларни бузгани кўрсатилмоқда.

Европа ташқи сиёсий хизмати раҳбари Кая Каллас тайёрлаган ҳисоботда ушбу ҳуқуқбузарликлар ҳақида аниқ маълумотлар келтирилган. Ушбу ҳисобот ЕИ ташқи ишлар вазирлари кенгашига тақдим этилиши ва Брюсселдаги навбатдаги учрашувда муҳокама қилиниши режалаштирилган.

Исроил расмийлари ҳисоботни «бир томонлама» ва «Европа Иттифоқининг иккиюзламачи ёндашуви» сифатида баҳолади. Шу билан бирга, Европа парламентининг бир қатор депутатлари ҳам санкция ташаббусини танқид қилиб чиқишди. Хусусан, Германиядан сайланган депутат Ҳилдегард Бентеле Каллас позициясини «Исроил учун ҳал қилувчи шароитда орқадан пичоқ уриш» деб баҳолади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, агар ушбу масала ЕИ ташқи ишлар вазирлари учрашувида муҳокама этилса ҳам, санкция ёки имтиёзларни бекор қилиш қарорини қабул қилиш учун барча 27 аъзо давлатнинг якдиллиги талаб этилади. Бу эса қарорнинг амалга ошиш эҳтимолини камайтиради. Шунга қарамай, бундай масаланинг кўтарилиши Европада Исроил сиёсатларига нисбатан танқид ва нохуш кайфиятлар кучайиб бораётганини кўрсатади.