Reuters агентлиги манбаларга таяниб хабар беришича, Суриянинг Ҳасака вилоятида жойлашган Касрак базаси тўлиқ жанговар тайёргарлик ҳолатига келтирилган. Шунингдек, Ироқдаги Айн-ул-Асад базасида ҳам максимал хавф даражаси жорий этилган. Ушбу база АҚШнинг минтақадаги энг йирик объектларидан бири ҳисобланади.
Бундан ташқари, Қатардаги Ал Удайд, Баҳрайн ва Кувайтдаги Америка ҳарбий объектлари ҳам хавф сигналини қабул қилган. IRIB News агентлиги маълумотига кўра, мазкур қарор 23 июн куни Эрон томонидан қилинган ракетали ҳужум ортидан қабул қилинган.
Flightradar24 маълумотларига кўра, Ироқ, БАА, Баҳрайн ва Кувайт вақтинчалик ўз ҳаво фазоларини ёпишган. Бу чоралар минтақадаги хавф даражаси ошгани ва хавфсизликни таъминлаш зарурати билан боғлиқдир.
Axios агентлиги хабарига кўра, Эрон Қатардаги Ал-Удайд базасига 6 та, Ироқдаги Айн-ул-Асад базасига эса 1 та ракета йўллаган. Бу ҳужум АҚШнинг Эрон ядровий инфратузилмасига берган зарбаларига жавоб сифатида баҳоланмоқда.
The New York Times манбалари таъкидлашича, Эрон бу ҳужумдан олдин Қатар ҳукуматини огоҳлантирган ва улар билан ҳаракатларни мувофиқлаштирган. Бундан кўринадики, Теҳроннинг мақсади ҳолатни тўлиқ урушга айлантирмасдан, рамзий жавоб бериш бўлган.