Энергетикадаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик кучайтирилиши мумкин

16:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида энергетика соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш ва назоратни кучайтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳаси биринчи ўқишда маъқулланди.

счетчик

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда энергетика соҳасини модернизация қилиш, истеъмолчилар манфаатларини ҳимоялаш ва ҳисоб-китоб жараёнларини шаффофлаштириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Аммо бу жараёнда соҳага хос ҳуқуқбузарликлар сони ортиб бораётгани аниқланди.

Хусусан, 2024 йилнинг ўзида якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан энергияни изсиз сарфлаш билан боғлиқ 17,6 мингта ҳамда табиий газдан қонунга зид равишда фойдаланиш бўйича 7,6 мингта ҳолат қайд этилган. Амалдаги қонунчиликка кўра, бу каби ҳолатлар учун жавобгарлик фақатгина мансабдор шахсларга юклатилади, якка тадбиркорлар эса қамраб олинмаган.

Янги лойиҳага кўра, эндиликда якка тадбиркорлар ҳам маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун жавобгар ҳисобланади. Қонун билан, шунингдек, электр, газ ва сув тармоқларига ноқонуний уланиш ва ресурсларни ўғирлаш ҳолатларига нисбатан жазо чоралари кучайтирилмоқда.

Қонун лойиҳасида назорат функцияларини кенгайтириш ҳам назарда тутилган. Хусусан, «Ўзэнергоинспекция»га маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича баённома тузиш ваколати аниқ белгиланмоқда. Шу билан бирга, Ички ишлар вазирлиги ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимларига ҳам электр энергиясидан изнсиз фойдаланиш ҳолатларида баённома расмийлаштириш ҳуқуқи берилмоқда.

Мажлисда депутатлар лойиҳанинг аҳамиятини қайд этар экан, унинг ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, қонунийликни мустаҳкамлаш ва ресурсларни самарали бошқаришга хизмат қилиши таъкидланди.