Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилоятининг Фурқат туманида маҳалла раисининг туман ҳокимлигида ўтказилган йиғилишдан чиқиб, вафот этгани таъкидланган хабарлар тарқалмоқда. Уларда айтилишича, туман ҳокими томонидан маҳалла раисига нисбатан қўпол муомала қилиниб, нафсониятига тегилгани ва бу унинг мажлисдаги вафотига сабаб бўлгани айтилади.
Фурқат тумани ҳокимлиги ахборот хизмати ҳолат юзасидан расмий баёнот берди. Унга кўра, жорий йил 18 июн куни туман ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари иштирок этган. Унда маҳалла раисларининг вазифалари танқидий кўриб чиқилган ва юклатилган вазифалар ижроси юзасидан топшириқлар берилган.
Таъкидланишича, йиғилишда туман ҳокими томонидан шахсга нисбатан ҳақоратли сўз ишлатилмаган.
«Калдушон маҳалласи раиси Шарифжон Абдуллаев йиғилиш пайтида соғлиги билан боғлиқ муаммолар сабабли фаолиятини тўхтатмоқчилиги айтиб, йиғилишни тарк этган. Ҳокимлик ташқи ҳовлисида соғлиги ёмонлашганлиги сабабли тез ёрдам чақирилган, туман тиббиёт бирлашмасига олиб борилган. Афсуски, шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамасдан, вафот этган», дейилади расмий маълумотда..