Мўғулистонда Ўзбекистон миллий савдо уйи иш бошлади

24.06.2025 14:15 | 3 дақиқада ўқилади.

Мўғулистонда Ўзбекистон миллий савдо уйи очилди. Бу қадам икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва миллий маҳсулотлар экспорт ҳажмини оширишга хизмат қилади

Forum uzbek mongol

Ўзбекистон тўқимачилик саноати сўнгги йилларда жадал ривожланиб, халқаро бозорларда ўз ўрнини мустаҳкамлаб бормоқда. Экспорт географияси кенгайиб, янги технологиялар жорий этилаётгани саноат салоҳиятини янада оширмоқда. Шу жараёнда Мўғулистонда Ўзбекистон миллий савдо уйининг очилиши муҳим қадам бўлди.

Ўзбекистон-Мўғулистон бизнес-форуми доирасида икки давлат ўртасида савдо ва инвестициявий алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича бир қатор келишувларга эришилди. Бу ҳақда «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси вакиллари маълум қилди. Форумда тўғридан-тўғри ҳамкорлик, қўшма лойиҳалар ва экспорт шартномалари бўйича музокаралар олиб борилди.

Мўғулистон Жун ва тўқимачилик саноати уюшмаси, Мўғулистон Фан ва технологиялар университети ҳамда “Могол Ноос” компанияси билан ҳамкорлик келишувлари имзоланди. Томонлар Тошкентда жун ва кашемир маҳсулотларига ихтисослашган савдо уйи очиш ва Ўзбекистонда 10 млн долларлик қўшма ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширишга келишиб олди.

Шунингдек, Улан-Батор шаҳрида “Made in Uzbekistan” кўргазмаси ва миллий савдо уйи очилиш маросими ўтказилди. Тадбирда Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Хўжаев ва Мўғулистон Бош вазирининг ўринбосари Сайнбуянгийн Амарсайхан иштирок этди.

Кўргазмада тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, чарм-пойабзал, қурилиш материаллари ва электр жиҳозлари соҳаларида фаолият юритувчи 30 дан зиёд ўзбек корхоналари маҳсулотларини тақдим этди. Ушбу савдо уйи икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ва миллий брендларимизни халқаро бозорда кенг тарғиб этишга хизмат қилади.