Ўзбекистонда экспортчилар учун фавқулодда ёрдам механизми жорий қилинди. Яқин Шарқдаги нотинч вазият туфайли юзага келаётган экспорт ва транзит муаммоларини бартараф этиш мақсадида Telegram мессенжерида махсус бот иш бошлади.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълум қилишича, ушбу механизм орқали экспортчилар логистика, божхона, тўлов ва ташкилий тўсиқлар бўйича юзага келаётган муаммоларини тезкор тарзда етказишлари ва ечим топишлари мумкин бўлади.
Аниқланган муаммоларни йиғиш ва таҳлил қилиш мақсадида Telegram мессенжерида махсус бот – [@miit\_tashqisavdo\_bot] фаолият бошлади. Бот орқали экспортчилар Яқин Шарқ мамлакатларига юборилаётган юклар билан боғлиқ барча тўсиқлар ҳақида хабар қолдиришлари мумкин.
Шунингдек, муаммоларга янада тезкор муносабат билдириш учун Республика экспорт штаби ҳузурида колл-марказ ҳам ташкил этилди. У орқали экспорт, энергетика, газ, ҚҚС, молиявий айланмалар бўйича мурожаатлар қабул қилиниб, 15–30 кун мобайнида кўриб чиқилади.
Бундан ташқари, давлат хизматларига оид масалаларни енгиллаштириш учун Адлия вазирлиги томонидан «Одил» номли сунъий интеллект асосидаги чат-бот ишга туширилди. Ушбу бот орқали фуқаролар давлат хизматларидан қандай фойдаланиш, қандай ҳужжатлар талаб этилиши ва қаерга мурожаат қилиш бўйича маълумот олишлари мумкин.
Умуман, экспорт жараёнида тўсиқларга учраётган тадбиркорлар учун янги тизимлар ахборот алмашинувини осонлаштириб, муаммоларга амалий ечим топиш имкониятини яратиши кутилмоқда.