Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январ-май ойларида Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 31,3 млрд долларга етди. Шу даврда экспорт 14,8 млрд долларни ташкил этди ва 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 31,1 фоизга ошди. Импорт ҳажми эса 16,5 млрд доллар бўлиб, 3,7 фоизга кўпайди.
Май ойида Ўзбекистоннинг ташқи савдосида салбий сальдо 1,68 млрд долларга етди. Бу кўрсаткич апрел ойида 0,85 млрд доллар бўлган эди. Салбий баланс ортишига қарамай, экспортдаги ўсишда олтин асосий драйвер бўлди.
Май ойида мамлакат 1 млрд долларлик олтин сотди. Жорий йил бошидан бери эса умумий олтин экспорти 6,6 млрд долларни ташкил этди. Бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 56,9 фоизга кўпроқ.
Таъкидланишича, жаҳон бозорида олтин нархларининг рекорд даражага кўтарилгани Ўзбекистоннинг олтин экспорт ҳажмига ижобий таъсир кўрсатган. Жорий йилнинг 5 ойи ичида сотилган олтин миқдори 2024 йилдаги 11 ойлик кўрсаткичга деярли тенглашди.
Молиячилар фикрича, олтин орқали мамлакатга йирик миқдорда валюта тушаётгани ички бозорда доллар нархининг тушишига ҳам таъсир кўрсатмоқда.
Ўзбекистон ташқи савдосида олтин муҳим ўрин тутаётгани, мамлакатнинг экспорт салоҳиятини янада мустаҳкамлаётганини кўрсатмоқда.