Ўзбекистон ташқи савдоси: экспортда олтин, импортда техника устунлик қилмоқда

20:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Беш ойда мамлакат ташқи савдо айланмаси 31,3 млрд долларга етди

Graffik

Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январь—май ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 31,3 млрд долларга етди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15 фоизга кўп. Шундан 14,8 миллиард доллари экспорт, 16,5 млрд доллари эса импорт ҳиссасига тўғри келади.

Ташқи савдо тафовути 1,7 млрд долларни ташкил этди. Мамлакат савдо алоқаларида асосий шериклар сифатида Хитой (5,4 млрд доллар), Россия (4,8 млрд доллар) ва Қозоғистон (1,8 млрд доллар) қайд этилган.

Экспортдаги энг йирик улуш олтин сотувига тўғри келмоқда — 6,6 млрд доллар (43,8%). Бу кўрсаткич 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 56,9 фоизга ўсган. Шунингдек, 3,24 млрд долларлик хизматлар, 1,5 млрд долларлик саноат маҳсулотлари, 925,8 миллион долларлик озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда 288 млн долларлик табиий газ экспорт қилинган.

Экспортнинг катта қисми Россия (1,6 млрд доллар), Хитой (755 млн доллар), Қозоғистон (518,8 млн доллар) ва Афғонистон (515,9 млн доллар) ҳиссасига тўғри келмоқда.

Импортда эса асосий ўринни техника ва транспорт воситалари эгаллади. Янги техника, эҳтиёт қисмлар ва самолётлар учун 5,5 млрд доллар сарфланган. Шунингдек, мамлакатга 1,62 млрд долларлик озиқ-овқат ва тирик ҳайвонлар, 874,9 миллион долларлик нефть маҳсулотлари, 776,1 миллион долларлик дори-дармон ва 1,15 миллиард долларлик металл маҳсулотлари олиб кирилган.