Ўзбекистонда йирик савдо тармоқлари товар айланмаси 7,1 трлн сўмдан ошди

24.06.2025 13:40 | 3 дақиқада ўқилади.

2025 йилнинг дастлабки беш ойи давомида Ўзбекистонда йирик чакана савдо тармоқларининг умумий товар айланмаси 7,1 трлн сўмдан ошди. Бу кўрсаткич рақамли назорат орқали шакллантирилди.

Bank dollar

Ўзбекистонда солиқ органлари томонидан жорий этилган онлайн назорат-касса техникаси ва бошқа рақамли инструментлар орқали йирик чакана савдо тармоқларидаги савдо айланмаси кузатиб борилмоқда. Бу орқали бозордаги асосий ўзгаришлар, савдо ҳажми ва мижозлар оқими ҳақида аниқ маълумотлар тўпланмоқда.

2025 йилнинг январ-май ойларида Ўзбекистондаги етакчи еттита йирик савдо тармоқлари — Korzinka, Havas, Makro, Olma, Baraka, Magnum ва bi1 умумий ҳисобда 7,1 трлн сўмдан зиёд товар айланмасига эришди. Бу даврда жами 12,5 минг турдаги товарлар сотилди.

Кўрсаткичларга кўра, йирик савдо тармоқларида бир мартаги харид учун ўртача чек 77,8 минг сўмни ташкил қилди. Харидорлар сони 1,9 млн нафарга етди, шундан 24,7 минг нафар мижоз кунига икки мартадан ортиқ харид амалга оширган.

«Солиқ» мобил иловаси орқали қайд этилган фискал чеклар бўйича жами 38,7 млрд сўмлик кэшбэк тўланган. Бу рақам мижозларни рақамли савдога жалб этишда муҳим омил бўлмоқда.

Йирик савдо тармоқларида умумий 22,7 минг нафар ходим ишлайди. Улар учун январь-май ойларида жами 655,3 млрд сўмлик меҳнат ҳақи тўланган. Бу маблағнинг қарийб ярми — 311,3 млрд сўми 30 ёшгача бўлган ходимларга тўғри келган. Соҳада ўртача ойлик маош 5,8 млн сўмни ташкил этмоқда.

Рақамли бошқарув имкониятлари ҳудудлар, алоҳида савдо нуқталари ва товар турлари кесимидаги маълумотларни мунтазам кузатишга хизмат қилмоқда. Бу эса соҳа шаффофлигини ошириш ва ноқонуний савдони қисқартиришга ёрдам бермоқда.