Путин ядровий ракеталар захирасини оширишни талаб қилди

24.06.2025 08:45 | 4 дақиқада ўқилади.

Россия президенти Владимир Путин мамлакат суверенитети ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ядровий ракета салоҳиятини кенгайтиришга чақирди. Унинг сўзларига кўра, бу НАТО ва Ғарб томонидан келаётган таҳдидларга нисбатан «адекват чора»дир.

Putin kursants

23 июн куни ҳарбий академия битирувчилари билан учрашувда Владимир Путин Россия армиясини модернизация қилиш бўйича янги давлат дастурини эълон қилди. Унинг таъкидлашича, бу жараёнда асосий эътибор стратегик ядровий кучлар — «ядровий учлик»ка қаратилади.

Путинга кўра, Ракета қўшинларига янги авлод «Ярс» ракеталари етказиб берилади, стратегик авиация эса Ту-160М ракета ташувчи самолётлари билан янгиланади. Шунингдек, амалиётларда «ўзини оқлаган» янги «Орешник» баллистик ракеталарнинг сериявий ишлаб чиқарилиши бошлангани айтилди.

Путин Россия мудофаа харажатлари аллақачон федерал бюджетнинг учдан бир қисмини ташкил қилаётганини тан олди. Аммо у бундай харажатлар Ғарб ва НАТОнинг агрессив сиёсати билан изоҳланиши, яъни «мингдан ошиқ ҳарбийлар, янги бюджетлар ва НАТО стратегиялари Россияни мажбурий равишда янги қуролланиш босқичига олиб келаётгани»ни қайд этди.

SIPRI маълумотларига кўра, 2025 йил бошигача Россияда 592 та стратегик ракета ташувчи қурол мавжуд бўлиб, улардан 333 таси ерда жойлашган. Жумладан, 206 та «Ярс» комплекси тўрттадан 250 килотонна қувватга эга бўлган ядровий каллакдан иборат. Бундан ташқари, 78 та «Топол-М», 34 та «Авангард» ва 34 та «Воевода» комплекси ҳам хизматда.

Россиянинг денгиздаги ядровий салоҳияти эса 12 та стратегик сувости кемасидан иборат бўлиб, улар 192 та баллистик ракетани олиб юриш имкониятига эга. Ҳаво кучлари эса 52 та Ту-95М ва 15 та Ту-160 самолётлари билан тўлдирилган.

Мавжуд «СТАРТ-III» келишувига мувофиқ, Россия ва АҚШ 700 та ракета ташувчи ва 1550 та жанговар каллакдан ошиқ қуролни жойлаштира олмайди. Аммо ушбу шартнома 2026 йилда ўз кучини йўқотади. SIPRI мутахассислари бу ҳолатни ядровий қуролларни кўпайтириш ва келишувлардан чиқиш жараёнининг бошланиши сифатида баҳоламоқда.