Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаро ўз уйида Нил тимсоҳини ноқонуний равишда сақлаб келгани аниқланди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги маълум қилди.
Ўтказилган текширув ишлари ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолар асосида амалга оширилган. Ушбу видеоларда фуқаро Нил тимсоҳини хонадонда ушлаб тургани акс этган. Кейинчалик вазирликнинг Давлат экология назорати инспекцияси тезкор ҳаракатга ўтган ва ушбу манзилга рейд уюштирган.
Рейд давомида Нил тимсоҳи хонадонда ҳақиқатан ҳам мавжудлиги тасдиқланган. Маълум қилинишича, Вазирлар Маҳкамасининг «Ёввойи ҳайвонларни сақлаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 736-сон қарорига асосан, 2025 йил 1 январдан жисмоний шахслар томонидан (рўйхат асосида) ёввойи ҳайвонларни тутқунликда сақлаш ҳамда цирк томошаларида ёввойи ҳайвонлардан фойдаланиш тақиқланган.
Нил тимсоҳи ҳозирда Тошкент ҳайвонот боғига топширилган. Фуқарога нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 92прим 1-моддаси 1-қисмига асосан баённома расмийлаштирилган.