Россия Хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари Дмитрий Медведев Трампни Эрон ядровий объектларига берган зарбалари учун танқид қилган ва шу муносабат билан айрим давлатлар Эронга «ўз ядровий қуролларидан беришга тайёр» эканини айтган эди. Унга жавобан Доналд Трамп Truth Social саҳифасида ёзганида, «ҳеч ким бизнинг атом сувости кемаларимиз каби қуролга эга эмас», деб таъкидлади.
«Бу — инсоният яратган энг кучли ва ҳалокатли қурол», — деди Трамп. У шунингдек, 30 та аниқ нишонга тегган «Томаҳавк» қанотли ракеталарни эслатиб, улар Эрон ядровий объектларига зарба беришда ишлатилганини билдирди. Трампнинг айтишича, Медведев «N ҳарфли сўз» (яъни «nuclear» — ядровий атамаси) билан хавфли ўйин олиб боряпти.
«Менга шундай туюлдими, ёки Медведев ростдан ҳам ядровий қурол етказиб бериш ҳақида гапирдими? Агар шундай бўлса, мен бу ҳақда дарҳол билишим керак», — дея қайд этди Трамп. Унинг таъкидлашича, бундай сўзлар жаҳон хавфсизлиги учун жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.
2025 йил 22 июнга ўтар кечаси АҚШ Натанз, Исфаҳон ва Фўрдудаги Эроннинг учта асосий ядровий марказига зарба берган. Операцияда йирик стратегик бомбардимончи самолётлар ва ерости ҳимоя қурилмаларини йўқ қилишга мўлжалланган бомбалар қўлланилган. Трамп бу амалиётни «муваффақиятли ва аниқ» деб баҳолади.
Медведев эса Трампни «тинчликпарвар сифатида келиб, янги уруш бошлаган инсон» дея танқид қилди ва дунё давлатларининг «аксарияти АҚШ ва Исроилни қўллаб-қувватламаслиги»ни таъкидлади. Шу билан бирга, Россия Эронга расман ядровий қурол етказишни режалаштираётгани ҳақида аниқ маълумот берилмади.