Трамп НАТОни йўқ қилиши мумкин

22:40 | 4 дақиқада ўқилади.

Трансатлантик иттифоқчилик ғояси бугун энг жиддий синовлар қаршисида турибди. Сиёсий ўзгаришлар, янги қарашлар ва хавфли тенденциялар…

Nato trump

Шимолий Атлантика иттифоқи Доналд Трампнинг АҚШ президенти лавозимига қайта сайланиши ва унинг маъмуриятининг Европага қарши баёнотлари туфайли ўзининг 75 йиллик тарихидаги энг хавфли инқирозни бошдан кечирмоқда ва тарқалиб кетиш арафасида турибди.

Бу ҳақда Bloomberg агентлиги НАТО ичидаги инқирозга бағишланган таҳлилий мақоласида маълум қилди.

Таъкидланишича, президент Трамп АҚШнинг НАТОга нисбатан узоқ давом этган шубҳаларини янги даражага кўтарди. Иттифоқдаги ташвиш АҚШ вице-президенти Жей Ди Венснинг Мюнхендаги кескин нутқидан сўнг кучайди, бу эса европалик иттифоқчилар билан муносабатларнинг совуқлашувига сабаб бўлди.

Bloomberg қайд этишича, НАТО тарихда Сувайш канали инқирози, Ироқ уруши ва Франциянинг ҳарбий қўмондонликда иштирок этишдан бош тортиши каби бўлинишларга дуч келган бўлса-да, ҳозирги вазиятда алянс парчаланишига жуда яқин.

Айни пайтда НАТО тўртта инқирозга бир вақтнинг ўзида дуч келмоқда: Украинадаги уруш туфайли хавфсизлик инқирози, Европа армияларининг заифлашуви туфайли тайёргарлик инқирози, АҚШнинг Осиёга эътибор қаратиши туфайли стратегик устуворликлар инқирози ва Трампнинг ҳаракатлари билан янада кучайган ишонч инқирози.

Экспертларнинг фикрича, Трамп расман иттифоқдан чиқмаса-да, ишончни сусайтириш, АҚШнинг Европадаги иштирокини қисқартириш ва стратегик алоқадорликка путур етказиш орқали алянсни барбод қилиши мумкин. Бу эса Европанинг заифлашиши ва авторитар кучларнинг кучайишига олиб келади.

Шунга қарамай, ижобий сценарий ҳам мавжуд: трансатлантик иттифоқни янги шартлар асосида қайта шакллантириш. Бунда Европа мудофаа харажатларини оширади, АҚШ ядровий қалқонни сақлаб қолади, алянснинг ўзи эса XXI асрдаги вазифаларини қайта кўриб чиқади.

Bloomberg хулоса қилиб, яқин йиллардаги асосий масала Трампнинг НАТО дунё ва АҚШ учун муҳимлигини тан олишга рози бўлиш-бўлмаслигида эканлигини таъкидлайди.