Туркия Маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсойнинг таъкидлашича, умумий зиёратчилар сони 62,3 миллион кишини ташкил қилган. Унинг сўзларига кўра, бу муваффақият маданий ва тарихий меросларни самарали тарғиб қилиш, ривожланган инфратузилма ва туризмнинг барча фаслларда фаол ташкил этилгани ҳисобига қўлга киритилди.
Франция, Испания ва АҚШ каби анъанавий сайёҳлик марказларидан кейин Туркиянинг тўртинчи ўринни эгаллаши, мамлакатнинг жаҳон сайёҳлик бозоридаги нуфузини янада мустаҳкамламоқда. Эрсойнинг таъкидлашича, Туркия энди нафақат кузатиладиган, балки ўрнак қилиб олинадиган туристик давлат сифатида эътироф этилмоқда.
Жаҳон Туризм Ташкилоти томонидан ҳар йили эълон қилинадиган “Жаҳон Туризм Барометри” ҳисоботи, дунё бўйлаб туристик оқимларни таҳлил қилади ва мамлакатлар рейтингини белгилайди. Туркиянинг ушбу рейтингда юқори ўринни эгаллаши соҳа салоҳиятидан самарали фойдаланилаётганини кўрсатмоқда.
Бу натижа Туркия туризм сиёсатининг барқарорлик ва сифатга асосланган ривожланиш модели орқали халқаро тан олинишига хизмат қилмоқда.