Банкларни санация қилиш тартибига оид янги қонун қабул қилинди

11:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда банкларни муаммоли ҳолатдан чиқариш ва тугатиш бўйича ҳуқуқий асос яратилди.

Markaziy bank

2025 йил 23 июн куни «Банкларни санация қилиш ва тугатиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Янги ҳужжат банклар, улар гуруҳлари ҳамда банк акцияларининг назорат пакетини назорат қилувчи холдинг компанияларига татбиқ этилади.

Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Марказий банки санация ва тугатиш соҳасида ваколатли давлат органи сифатида белгиланди. У муаммоли банкларни аниқлаш, уларни барқарорлаштириш ёки тугатишга доир қарорлар қабул қилиш ҳуқуқига эга.

Санацияни бошлаш учун бир қатор шартлар белгиланди. Жумладан, банкнинг тўловга қобилиятсиз бўлиши ёки шундай хавф юқори бўлиши, банк ва Марказий банк томонидан кўрилган чоралар самарасизлиги, банкнинг тизимли аҳамиятга эгалиги каби ҳолатлар санация учун асос ҳисобланади.

Қонунга кўра, Марказий банк махсус бошқарувчи тайинлаб, санация жараёнини бошлаш ҳуқуқига эга. Санация воситалари сифатида активлар ва мажбуриятларни ўтказиш ёки сотиш, оралиқ банк ташкил этиш, капитални ҳисобдан чиқариш ёки конвертация қилиш каби чоралар назарда тутилган.

Ушбу ҳуқуқий механизм банк тизими барқарорлигини таъминлаш ва молиявий хатарларни камайтиришга қаратилган. Қонун банклар фаолиятида шаффофликни кучайтириш ва фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.