Эрон фуқароларининг Ўзбекистонга визасиз кириши муҳокама қилинмоқда

13:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Эрон фуқароларининг Ўзбекистонга визасиз кириши масаласи икки давлат ҳукуматлари томонидан муҳокама қилинмоқда. Эрон элчихонаси вакилига кўра, бу қарор қабул қилинса, икки мамлакат ўртасида туризм ва ҳамкорлик янада ривожланади.

Eronliklar

Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси вакилининг маълум қилишича, Эрон фуқароларининг Ўзбекистонга визасиз киришини жорий этиш масаласи муҳокама жараёнида. Бу ҳақда 24 июнь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Элчихона муваққат ишлар вакили Ҳусайн Парварешнинг айтишича, Ўзбекистон фуқаролари учун Эронга визасиз бориш ҳуқуқи берилгач, мазкур мамлакатга саёҳат қилаётган ўзбекистонликлар сони кескин ошган. Унга кўра, ўзбекистонликлар йилига икки марта икки ҳафтадан визасиз Эронга бориш имконига эга ва бу имкониятдан фаол фойдаланишмоқда.

Парвареш Теҳрон-Тошкент авиақатновларига талаб жуда юқорилигини таъкидлаб, чипталар тез сотилиб кетишаётганини билдирган. Унга кўра, бу борди-келдилар сони ошгани ва Эронга бўлган қизиқиш ортаётганидан далолат беради.

У шунингдек, сўнгги вақтларда икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида алоқалар фаоллашганини, айниқса, тиббий туризм йўналишида ҳамкорлик ривожланаётганини маълум қилди. Айни пайтда Эрон клиникаларида ўзбекистонлик беморлар учун қулай шарт-шароит яратиш масаласи муҳокама қилинмоқда.

Парварешнинг таъкидлашича, бу масала ижобий ҳал қилинса, Эронга борувчи ўзбекистонликлар сони янада ортиши мумкин. Бироқ у айтиб ўтганидек, икки мамлакат ўртасидаги яхши муносабатларга қарамасдан, савдо-иқтисодий алоқалар ҳали кутилган даражага етмаган.

Ҳозирда Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари, жумладан, Ташқи ишлар вазирлиги билан Эрон фуқаролари учун визасиз режимни жорий этиш юзасидан музокаралар олиб борилаётгани маълум қилинди.