Эрон-Исроил урушида 600 нафардан зиёд инсон ҳалок бўлди

15:00 | 2 дақиқада ўқилади.

13 июндан буён давом этаётган Эрон ва Исроил ўртасидаги тўқнашувлар оқибатида минглаб инсон жабр кўрди. Эрон Соғлиқни сақлаш вазири Ҳусейн Керманпурга кўра, мамлакат ҳудудига қилинган зарбалар натижасида камида 610 киши ҳалок бўлган, 4746 нафар киши турли тан жароҳатлари олган.

Eron, isroil

Вазир маълумотига кўра, ҳалок бўлганлар орасида 49 нафар аёл ва 13 нафар бола бор. Жароҳатланганлардан 65 нафари 20 ёшдан кичик экани айтилмоқда.

Шу билан бирга, Исроил миллий тез ёрдам хизмати ҳам ўз ҳисоботини тақдим этди. Унга кўра, Эрон томонидан юборилган зарбалар туфайли Исроилда 28 киши ҳалок бўлган, уч мингдан зиёд фуқаро жароҳатланган.

Маълумки, 13 июн тонгида Исроил Эронни ядровий таҳдидда айблаб, биринчи бўлиб ҳарбий зарба берган. 17 соат ўтиб Эрон жавоб зарбасини йўллади ва икки томон ўртасида ракеталар алмашинуви бошланди.

22 июн кечасида АҚШ Исроилга кўмак сифатида Эрондаги ядровий объектларга зарба берди. Бир кун ўтиб, Президент Дональд Трамп икки томон тўлиқ отишмани тўхтатишга келишиб олганини маълум қилди.

Шунга қарамай, Исроил ҳукумати сўнгги кунларда Эрондан янги ракеталар отилганини қайд этди ва бу ҳужумларга жавоб берилганини билдирди.