Можарога аралашган Трамп эса ўз ижтимоий тармоғида «Худо Исроилни асрасин, Худо Эронни асрасин, Худо Яқин Шарқни асрасин, Худо АҚШни ва Худо бутун дунёни асрасин», деб ёзди.
Энди Эрон ва Исроил олдида бир муаммо кўндаланг — гўё барчаси режадагедек амалга ошгани, гўёки яҳудий давлати ғалаба қозонгани, бироқ Теҳрон ҳам ютқазмаганига ички ва ташқи аудиторияни шу нарсага ишонтириш керак.
Ҳозир айнан шу нарса устида иш олиб борилмоқда. Ҳаммаси классик тарзда: икки тараф баҳслашса, учинчи томон фойда кўради. Агар уч тараф ўртасида тортишув бўлса, унда ҳам шундай ечим топиладики, у учовларига бирдек манфаатли бўлади. Трамп эса ўзига хос дағдаға билан айнан ана шу «учинчи»га айланиб улгурди, ҳозир эса у анави иккиси ўртасидаги тортишувдан максимал даражада фойда кўрмоқда.
Бунга у тамомила ҳақсиз деб ҳам айтолмаймиз — чунки «12 кунлик уруш» атрофида мислсиз даражадаги ахборот шовқинини яратишда айнан Трампнинг жамоасига катта рол мансуб. Бу вақт ичида АҚШ расмий шахслари ва оммавий ахборот воситалари орқали воқеаларнинг кейинги ривожига доир турли-туман, ҳаттоки бир-бирига тубдан зид бўлган версиялар оммага етказилди.
«Трамп Исроилни зарба беришдан қайтармоқда — Трамп қарши эмас». «Америка президенти Исроил ҳужумига қўшилиш ҳақида қарор қабул қилди — у бу қарорни икки ҳафтага кечиктирди». Ва торт устидаги гилос — «Агар Эрон АҚШ ҳарбий базаларига зарба берса, жавоби қаттиқ бўлади», деган таҳдид эди. Лекин натижада комедия юз берди: «Биз бу зарбани ҳатто пайқамадик ҳам, эронликлар эса бу ҳақда олдиндан огоҳлантиришди».
Бошқача айтганда, авваламбор Трамп маъмурияти саъй-ҳаракатлари туфайли ахборот соҳасида мутлақ бир хаос манзараси яратилди. Бу вазиятда ишончли прогнозлар қилишнинг иложи қолмади, воқелик доим «50/50» чегарасида сақланди. Охирида эса ҳақ бўлиб чиққанлар — «Учинчи жаҳон уруши бошланиб кетадиёв», деганлар эмас, балки «зарбалар алмашинуви ҳалокатли оқибатларга олиб келмайди», деб тахмин қилганлар бўлди. Лекин уларга деярли ҳеч ким қулоқ солмади, ўз-ўзидан равшан нарсани исботлаш эса бефойда иш.
Хулоса қилиб айтганда, журналистлар ва таҳлилчилар барчани — ҳатто ўзларини ҳам адаштиришди. Аммо улар 12 кунлик урушнинг асосий мағлублари эмас. Ҳа, Трампнинг ғалаба қозонгани аниқ, лекин ютқазган ким бўлди?
Энг аввало — Эрон мухолифати. Улар «штурм ҳолати»ни эгаллаб, америкаликлар ва исроилликлар ҳужумларининг асл мақсади Эрондаги режимни алмаштириш эканига қаттиқ ишонишди. Эндиликда эса бу ишончлари учун яқин кунларда уларга нисбатан янги қатағонлар тўлқини кўринишида жавоб берилади.
Энг ёмон аҳволга тушганлардан бири — Шаҳзода Паҳлевий. У Эрон халқини «қонхўр оятуллоҳлар режими»га қарши қўзғолонга чақириб, Теҳрон аэропортида ўзини қизил гилам устида, қутқарувчи ва янги етакчи сифатида тантанали кутиб олинади, деб ўйлади. Лекин у шундоқ ҳам Эронда, ҳатто мухолифат доираларида ҳам катта нуфузга эга эмас эди. Ушбу кунларда эса у ўз қўли билан ўзини сиёсий чиқиндилар қутисига улоқтирди. Тадқиқотчилар ҳам уни ҳар доим бироз ҳажвий шахс сифатида қабул қилишган ва шу боис унга ҳеч ким жиддий қарамаган.
Аслида, анча муҳим ва долзарб бўлган бошқа саволлар бор. Улар Эрон ва бутун минтақанинг келажаги учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Масалан: Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) ҳокимиятдан четлаштириладими? Унинг ваколатлари қисқартириладими ёки бошқа Эрон тузилмалари ва механизмлари ўртасида қайта тақсимланадими? Агар шундай бўлса, қай даражада? АҚШ ва Эрон ўртасида қандай форматда ядровий келишув имзоланади ва Эронга нисбатан қўлланилган Америка санкцияларининг қайси қисми бекор қилинади? Ниҳоят, ҳозирги олий раҳбардан унинг ворисига ҳокимият топширилиши юз берадими? Ва, албатта, ворис ким бўлади? — деган саволлар.
Аайнан шу масалалар ҳақиқий аҳамиятга эга, долзарб ва жавоби қизиқ бўлган мураккаб саволлардир. Ўт очиш алмашинувларию ҳужумлар эса — шунчаки шовқин-сурон, бу минтақадаги асл сиёсий жараёнлар атрофида қўйилган саҳна безакларидир. Бу борада ҳамма бири-бирини алдашга уринаётгани аниқ.