Ирландия Исроилга иқтисодий босим ўтказишга тайёрланмоқда

11:40 | 2 дақиқада ўқилади.

Янги қонун лойиҳаси ишғол қилинган Фаластин ҳудудларидан маҳсулот олиб киришни тақиқлайди.

Irlandiya

Ирландия ҳукумати Фаластин ҳудудларидаги Исроил посёлкаларидан келтирилаётган маҳсулотларга қарши расмий иқтисодий чора кўришга тайёрланмоқда. Бу ҳақда мамлакат вице-премьери Саймон Харрес баёнот берди. Унинг таъкидлашича, ташаббус Исроилнинг “геноцид хатти-ҳаракатлари”га қарши йўналтирилган ва ирланд жамиятининг позициясини акс эттиради.

Мазкур ташаббус доирасида Ирландия божхона қонунчилигига ўзгартиш киритиш кўзда тутилган. Агар қонун қабул қилинса, Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусдаги Исроил томонидан қурилган посёлкалардан товар олиб кириш қонунбузарлик сифатида баҳоланади.

Май ойида ҳукумат ушбу қонун лойиҳасини дастлабки маъқулловдан ўтказган. Энди уни Ирландия парламенти кўриб чиқиши кутилмоқда. Қонун қабул қилинса, Ирландия Европа Иттифоқида Исроил ишғолидаги ҳудудларга қарши иқтисодий чора кўрган биринчи давлатга айланади.

Харреснинг сўзларига кўра, бу ташаббус бошқа Европа давлатларини ҳам шунга ўхшаш чоралар кўришга ундаши мумкин. “Ҳар бир давлат ўзда мавжуд барча воситалардан фойдаланиши керак”, – деди у.

Ирландиянинг ушбу қатъий позицияси халқаро майдонда Исроилнинг Фаластиндаги ҳаракатларига қарши босимни кучайтириши мумкин.