Исроил армияси ва дронлари томонидан амалга оширилган ушбу ҳужумларда, айниқса, Рафаҳ шаҳрида оғир йўқотишлар кузатилди. Ушбу ҳудуднинг ўзида 27 нафар ёрдам излаётган фуқаро отиб ўлдирилди. Сўнгги хабарларга кўра, Исроил урушида ҳалок бўлган фаластинликлар сони 56 минг нафардан ошиб кетди, яраланганлар эса 131 848 нафарга етди.
Янги ҳужумлар Ғаза Гуманитар Фонди (GHF) тарқатув марказлари атрофидаги қонли воқеалар силсиласининг давомидир. БМТнинг Фаластин қочқинларига ёрдам агентлиги раҳбари бу марказларни «ўлим тузоғи» деб атади. Салох ад-Дин кўчасида 25 нафар фуқаро ўлдирилди, 140 нафардан ортиқ киши жароҳат олди, улардан 62 нафари оғир аҳволда.
Nuseirat қочқинлар лагерининг ал-Авда шифохонаси ва Хон Юнисадги Нассир тиббиёт мажмуасига ҳалок бўлганлар ва яраланганлар олиб келинди. Ал Тина кўчасида ёрдам кутаётган фуқаролар отиб ташлангани ҳақида ҳам хабар берилди.
Ғазо шаҳридаги ал-Шифо шифохонасида шошилинч тиббий ёрдам бўлими оғир ҳолатга келди. Бир қанча жабрланувчилар шифокор ёрдамини кутаётган пайтида ҳалок бўлди. Гувоҳларнинг айтишича, Исроил танклари ва дронлари одамлар қочаётганида ҳам ўқ узишда давом этган.
Исроил армияси ушбу воқеалар юзасидан тергов ўтказишини маълум қилди. Лекин шу пайтгача Исроил аскарлари GHF марказларига яқинлашганларни «шубҳали шахслар» деб баҳолаган ва бир неча марта огоҳлантиришсиз ўқ очгани қайд этилган.
БМТ ва халқаро гувоҳларнинг таъкидлашича, бу каби тизимли ёрдам тарқатиш усули адолатли ва хавфсиз эмас. БМТ матбуот котиби Стефан Дюжаррик бу вазиятни «Ғазода содир бўлаётган дахшат» деб баҳолади ва ҳар икки томон раҳбарларини зўравонликни тўхтатишга чақирди.