2025 йилнинг январ–май ойлари оралиғида Ўзбекистонда 14 та ҳолатда овқатдан заҳарланиш қайд этилган. Санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси маълумотларига кўра, заҳарланишлар натижасида 42 нафар фуқаро жабрланган, уларнинг катта қисми болалардир.
Айни пайтдаги ҳолатга энг катта сабаб сифатида уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш кўрсатилмоқда. Ана шундай 10 та ҳолатда «ботулизм» касаллиги қайд этилган бўлиб, жабрланувчилардан 8 нафари болалардир.
Шунингдек, 3 та ҳолатда овқат токсикинфекцияси аниқланган бўлиб, 13 киши жабрланган (улардан 8 нафари болалар). Бир ҳолатда кимёвий заҳарланиш қайд этилган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар йили дунё бўйича 600 миллионга яқин инсон заҳарли ёки сифати паст овқат маҳсулотларидан касалланади.
2024 йилда Ўзбекистондаги 20 184 та умумий овқатланиш муассасасининг 1 512 тасида санитария-эпидемиология текширувлари ўтказилган. Улардан 664 тасида санитария ва гигиена талаблари бузилгани аниқланган.