Франция Президенти Эммануэль Макрон 24 июнда Гаагада бўлиб ўтаётган НАТО саммитида АҚШни Украинадаги урушни тўхтатишда фаол қадам ташлашга чақирди. Унинг таъкидлашича, Вашингтон Эронга қарши амалга оширган қатъий ҳаракатлари орқали халқаро майдонда таъсир кучини оширган ва шу нуфузни Украинада тинчликни тиклашга йўналтириши керак.
«АҚШ бу урушни тўхтатиши керак. Улар Эронга қарши ҳаракатлар орқали таъсир орттирди, энди шу таъсирни Украинадаги муаммони ҳал этишга қўллаши лозим», — деди Макрон.
Шунингдек, у Европани ҳам фаолроқ ҳаракат қилишга чақирди. Макроннинг сўзларига кўра, Европа мамлакатлари Украинага узоқ муддатли қўллаб-қувватлаш механизмларини яратиши, унинг армиясини тиклашда ва хавфсизлик кучларини қайта жойлаштиришда иштирок этиши керак.
Франция Президенти «хоҳловчилар коалицияси» ҳақида гапирар экан, Европанинг НАТО доирасида фаол ва стратегик рол ўйнаши зарурлигини таъкидлади. Унинг таъбирича, Украинага берилаётган ёрдам қисқа муддатли эмас, балки барқарор ва тизимли бўлиши лозим.