Марказий Осиё ҳавоси одамларни ўлдирмоқда. Жаҳон банки таҳлил эълон қилди

14:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, Марказий Осиёда ҳар йили 65 мингдан ортиқ инсон ҳавонинг ифлосланиши туфайли эрта вафот этади. Иқтисодий йўқотишлар йилига 15–21 миллиард долларни ташкил этиб, бу минтақанинг ялпи ички маҳсулотининг 5 фоизигача тенг.

Changli havo

Марказий Осиё мамлакатларида ҳавонинг ифлосланиши инсон саломатлигига ҳамда иқтисодиётга катта зарар етказмоқда. Жаҳон банкининг «Марказий Осиёда ҳаво сифати бошқаруви» таҳлилига кўра, минтақада ҳар йили майда заррача PM2.5 туфайли 65 мингдан ортиқ киши ҳаётдан эрта кўз юмади.

Ҳисоб-китобларга кўра, ифлос ҳаво сабабли иқтисодий йўқотишлар йиллик 15,2–21,7 миллиард долларга етмоқда. Бу рақам минтақанинг умумий ялпи ички маҳсулотининг 3–5 фоизига тенгдир.

Ҳаво сифати барча мамлакатларда жиддий хавотир уйғотмоқда. Хусусан, ҳозирги кунда минтақадаги энг йирик шаҳарларда PM2,5 майда заррачаларининг ўртача йиллик концентрацияси ЖССТ меъёридан 6-12 баравар юқори.

Душанбе ҳавосидаги PM2.5 концентрацияси 54,6 мкг/м³ ни ташкил этиб, энг юқори кўрсаткич бўлиб турибди. Ундан кейинги ўринларда Тошкент — 40,3 мкг/м³, Бишкек — 32,5 мкг/м³, Олмаота ва Остона — 30 мкг/м³, Ашхобод — 19,2 мкг/м³ кўрсаткичлар билан жой олган.

Асосий ифлосланиш манбалари сифатида уй хўжаликларида қаттиқ ёқилғи (кўмир, ўтин) ёқилиши, автотранспорт, саноат корхоналари ва табиий чанг кўрсатилган.