Меҳнат фаолиятини давом эттираётган, I ёки II гуруҳ ногиронлиги бор фуқаролар учун пенсия миқдори эндиликда икки йилда бир марта автоматик тарзда қайта ҳисобланади. Бу ҳақда Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси маълум қилди.
Янги тартиб 2025 йил 1 июлдан амалга киритилади. Унга кўра, пенсия тайинланганидан кейин камида 1 йил иш стажига эга бўлган шахсларнинг пенсиялари давлат ахборот тизимлари орқали ҳисоблаб чиқилади. Фуқароларга қайта ҳисоблаш учун Пенсия жамғармасига мурожаат қилиш, ҳужжат топшириш ёки ариза ёзиш талаб этилмайди.
Қайта ҳисоблаш натижалари ҳақида фуқароларга SMS орқали хабар юборилади. Агар фуқаронинг телефон рақами бўлмаса, маълумот почта орқали юборилади. Бу орқали ногиронлиги бор фуқароларга қулайлик ва шаффофлик таъминланиши кўзда тутилган.
Пенсия жамғармаси маълумотига кўра, меҳнат стажи ва иш ҳақи бўйича маълумотлар автоматик равишда тегишли ташкилотлардан олинади. Бу ҳам давлат ахборот тизимлари ўзаро интеграцияси асосида амалга оширилади.
Мазкур тартиб ногиронлиги бор инсонларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш ҳамда уларнинг ишга қайтиши ва меҳнат бозорида фаол иштирокини рағбатлантириш мақсадида жорий қилинди.