Ўзбекистон БРМ индексида 19 поғонага кўтарилди

13:40 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) индексида 2024 йилга нисбатан 19 поғонага юқорилаб, 2025 йилда 62-ўринни эгаллади. Бу ҳақда Барқарор ривожланиш ечимлари тармоғи (SDSN) эълон қилган сўнгги ҳисоботда қайд этилган.

Askiya

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон 73 балл тўплаган ҳолда Марказий Осиё ва Шарқий Европа минтақасида барқарор ривожланаётган мамлакатлардан бири сифатида эътироф этилди. 2015 йилдан буён мамлакат БРМ соҳасида доимий равишда илгарилаб келмоқда.

SDSN ҳисоботининг расмий тақдимотида Колумбия университети профессори, SDSN асосчиларидан бири Жеффри Сакс, Ўзбекистон иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Умид Обидхўжаев ҳамда халқаро экспертлар иштирок этди. Тадбирда Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, таълим ва соғлиқни сақлашни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар тақдим этилди.

Жеффри Сакс мамлакатдаги барқарор ривожланиш жараёнларини юқори баҳолаб, бу натижаларга сиёсий етакчилик ва қатъият туфайли эришилганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда камбағалликни камайтириш бўйича эришилган ютуқлар халқаро миқёсда ҳам эътироф этилмоқда.

Ҳисоботда қайд этилишича, мамлакатдаги институционал ва таркибий ислоҳотлар халқаро рейтингларда Ўзбекистон мавқеини кучайтирмоқда ва бу барқарор ривожланиш жараёнларига ижобий таъсир кўрсатмоқда.