Ўзбекистон Мўғулистонга 200 минг долларлик маҳсулот экспорт қилмоқчи

17:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Мўғулистонга экспорт қилишни кенгайтирмоқда. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълум қилишича, дастлабки босқичда \$200 минглик маҳсулот етказиб бериш режалаштирилган.

Ekspert

Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Мўғулистоннинг Озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги ва енгил саноат вазири Жадамбе Энхбаяр билан учрашув ўтказди. Томонлар янги ҳамкорлик йўналишлари юзасидан келишувларга эришди.

Мўғулистонда суғориладиган ерлар жами ерларнинг бир фоизинигина ташкил қилиши қайд этилди. Ўзбекистон бу соҳадаги тажрибаси билан ўртоқлашишга тайёр экани билдирилди. Сабзавот, полиз маҳсулотлари, картошка ва ғалла етиштириш бўйича ҳамкорлик қилиш режалаштирилган.

Бошланғич босқичда Мўғулистонга 15 турдаги қишлоқ хўжалиги экинлари синов тариқасида юборилади. Уларнинг натижалари ижобий бўлса, экспорт ҳажми кенгайтирилади. Шунингдек, «Ўзбекистон – Мўғулистон дўстлик боғи» доирасида 10 минг дона кўчат етказиб берилади.

Ўзбекистон томони суғориш технологиялари бўйича 25 минг долларлик ёрдам кўрсатишни ваъда қилди. Бу тизимлар 10 гектар майдонда жорий этилади. Мўғулистонлик мутахассислар Ўзбекистонга ташриф буюриб, тажриба ўрганади.

Таълим ва илмий тадқиқот йўналишида ҳам ҳамкорлик кенгаймоқда. 50 нафар ўзбекистонлик талаба Мўғулистонда ўқиши, 10 нафар профессор эса Самарқандда амалиёт ўташи кўзда тутилган.

Шунингдек, 100 минг бош қўй ва эчкини Мўғулистон – Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон йўлагидан фойдаланган ҳолда етказиб бериш масаласи муҳокама қилинмоқда.