Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) экспертлари Ўзбекистондаги амалдаги пенсия тизимини ўрта муддатда барқарор ва самарали фаолият юритиши учун тубдан ислоҳ қилиш зарурлигини таъкидлади. Уларнинг фикрича, ҳозирги тизим келгусида пенсия тўловларини тўлиқ ва ўз вақтида таъминлаб бера олмаслиги мумкин.
ХВЖ таклифларига кўра, пенсия ёшини босқичма-босқич ошириш, айрим ташкилотлар учун белгиланган имтиёзли бадал ставкаларини бекор қилиш ва барча учун стандарт тўлов ставкасини кўтариш зарур. Шунингдек, пенсия миқдори меҳнат фаолияти давомидаги ўртача даромад асосида ҳисобланиши керак.
Яна бир муҳим таклиф — пенсия тўловларини инфляция даражасига қараб автоматик индексация қилиш тизимини жорий этиш. Бу пенсия маблағларининг харид қобилиятини сақлаб қолишга хизмат қилади.
ХВЖ хулосалари 2024 йил декабрь ойида ўтказилган пенсия ислоҳотига бағишланган семинар якунлари асосида тайёрланган. Айни пайтда, пенсия ислоҳоти концепцияси устида иш олиб борилмоқда ва уни 2025 йил сентябрига қадар президентга тақдим этиш режалаштирилган.
Маълумот учун: 2025 йил июн ойи ҳолатига кўра, Ўзбекистонда пенсия олувчилар сони 4,19 млн нафарга етди. Республика бўйича ўртача пенсия миқдори 1 млн 432 минг сўмни ташкил қилмоқда. Уларнинг аксар қисми ёшга доир нафақа олувчилардир.