Ўзбекистонда биогаздан метан ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилади

18:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда биогаздан метан ишлаб чиқариш бўйича инновацион синов лойиҳаси бошланади. Лойиҳа Япония компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилади ва атроф-муҳит муҳофазасини кучайтиришга қаратилган.

Metan

Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигида вазир Азиз Абдуҳакимов ҳамда Япониянинг «Le One Co., Ltd» компанияси бош директори Харуки Ямасаки ўртасида музокаралар ўтказилди. Суҳбатда икки томонлама ҳамкорлик ва Ўзбекистонда экологик технологияларни жорий этиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Музокаралар давомида япониялик компания 2025–2030 йиллар учун Япония энергетика ва саноатни ривожлантириш ташкилоти (NEDO) томонидан 4 миллион доллар грант ютгани маълум қилинди. Бу маблағ биогаздан метан ишлаб чиқаришни синов тарзида жорий этиш учун ажратилади.

Лойиҳа доирасида Ўзбекистонда биологик чиқиндиларни қайта ишлаш орқали биогаздан метан ишлаб чиқариш учун тажриба заводи қурилиши режалаштирилмоқда. Бу ташаббус чиқиндиларни хавфсиз йўқ қилиш, иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш ва қишлоқ хўжалиги учун биогумус тайёрлашга хизмат қилади.

Шунингдек, лойиҳа доирасида кимёвий ювиш, чуқур тозалаш ва гибрид сиклли технологиялар Япония стандартлари асосида жорий этилиши режалаштирилган. Ушбу технологик ечим биогаздан муқобил энергия манбаи сифатида фойдаланиш имкониятини яратади ҳамда атроф-муҳитга бўлган салбий таъсирни камайтиради.

Музокаралар якунида «Le One Co., Ltd» компанияси ва Ўзбекистон Экология вазирлиги ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш агентлиги ўртасида икки томонлама битим тайёрлаш ва имзолаш бўйича келишувга эришилди.

Ушбу ташаббус Ўзбекистонда яшил иқтисодиётни ривожлантириш ва барқарор ривожланиш мақсадларига содиқ қолиш йўлида муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.