Ўзбекистон Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январ-апрел ойларида мамлакатга 3,1 миллион нафар хорижлик фуқаро ташриф буюрган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даври билан солиштирилганда 987,9 минг нафарга ёки 46,4 фоизга кўпроқдир.
Чет эллик меҳмонлар Ўзбекистонга асосан қариндошларни йўқлаш мақсадида келгани қайд этилган. Бу тоифа 2,1 миллион нафарни ташкил этган. Сайёҳлик мақсадида келганлар сони 434,4 минг нафарга етган. Хизмат юзасидан ташриф буюрган хорижликлар сони 374,6 минг нафар бўлди.
Шунингдек, тижорат мақсадида 152,1 минг нафар хорижлик келгани, даволаниш учун 33,3 минг нафар сайёҳ Ўзбекистонни танлагани маълум қилинди. Мамлакатга ўқиш мақсадида ташриф буюрганлар сони эса 7,9 минг нафарни ташкил этган.
Мутасаддиларга кўра, хорижликларнинг мамлакатга ташрифи йилдан йилга ортиб бораётгани Ўзбекистон туризм салоҳиятининг ўсиб бораётганидан далолат беради. Турли мақсадларда келаётган меҳмонлар оқими мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
2025 йилнинг дастлабки тўрт ойидаги бу кўрсаткич туризм соҳасида фаол иш олиб борилаётганининг ёрқин мисоли сифатида баҳоланмоқда.