Ўзбекистонликлар Швецияга ишга юборилади

12:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон ва Швеция ўртасида миграция соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришга оид муҳим келишув имзоланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миграция агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Shvetsya

Ўзбекистон ва Швеция ўртасида миграция соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришга оид муҳим келишув имзоланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миграция агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Миграция агентлиги раҳбари Беҳзод Мусаев ва Швеция миграция вазири Йохан Форссел ўртасида бўлиб ўтган музокараларда, икки давлат ўртасида қонуний, хавфсиз ва шаффоф миграция жараёнларини йўлга қўйиш масаласи муҳокама қилинди. Қайд этилишича, бу келишув ноқонуний миграцияни олдини олиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган.

Ҳозирда Швецияда транспорт, қурилиш, тиббиёт, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларида мутахассислар етишмовчилиги кузатилмоқда. Ўзбекистон ушбу соҳа учун малакали кадрлар тайёрлаш имкониятига эга экани таъкидланди. Шу мақсадда томонлар икки давлат ўртасида марказлаштирилган рақамли платформа яратиш, пилот лойиҳаларни амалга ошириш ва иш берувчи талабидан келиб чиқиб, юқори малакали ўзбекистонлик мутахассисларни тайёрлашга келишиб олди.

Музокара якунида қўшма декларация имзоланди. Унда ноқонуний миграцияга қарши курашиш, ахборот алмашиш ва консуллик кўмаги тизимларини ривожлантириш каби йўналишлар белгиланди.

Швеция миграция вазири Йохан Форссел бу келишувни Ўзбекистон ва Швеция муносабатларида янги босқич деб атади. Шунингдек, 2024 йил июлида Ўзбекистон Миграция агентлиги ва Швециядаги йирик иш берувчи компания раҳбарияти учрашув ўтказиб, ишчи кучига бўлган талаб ва мавжуд имкониятлар муҳокама қилинган.