Ўзбекистонликлар Швецияга ишга юборилади
Ўзбекистон ва Швеция ўртасида қонуний ва хавфсиз меҳнат миграциясини йўлга қўйишга қаратилган муҳим келишув имзоланди. Музокараларда икки давлат раҳбарлари ноқонуний миграцияни олдини олиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда рақамли платформа орқали мутахассисларни тайёрлаш бўйича келишиб олди. Бу келишув меҳнат миграциясини тартибга солишга ва икки томонлама ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қилади.
Швецияда транспорт, тиббиёт, қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида малакали кадрларга эҳтиёж ортиб бораётгани айтилди. Ўзбекистон томони ушбу соҳалар учун мутахассислар тайёрлаш имкониятига эга эканини маълум қилди. Томонлар пилот лойиҳаларни амалга ошириш, ахборот алмашиш ва консуллик ёрдамини яхшилаш бўйича қўшма декларация имзолади.
Эрон фуқароларининг Ўзбекистонга визасиз кириши муҳокама қилинмоқда
Эрон фуқароларининг Ўзбекистонга визасиз кириш имкониятини жорий этиш масаласи икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида муҳокама қилинмоқда. Эрон элчихонаси вакилига кўра, мазкур қарор қабул қилинса, туризм, тиббий хизматлар ва тадбиркорлик соҳаларидаги ҳамкорлик янада кенгаяди. Айни пайтда, Эронга визасиз бориш ҳуқуқи берилган ўзбекистонликлар сони ортиб бораётгани қайд этилди.
Теҳрон–Тошкент авиақатновларига талаб юқори экани ва чипталар тез тугаётгани борди-келди фаоллашганини кўрсатмоқда. Шунингдек, Эрон клиникаларида ўзбекистонлик беморлар учун қулайликлар яратиш масаласи муҳокама қилинмоқда. Ҳозирда Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа идоралар визасиз режимни жорий этиш бўйича музокаралар олиб бормоқда.
Собиқ мудофаа вазири Рустам Аҳмедов: «Каримов банкирларни қўрқитиш учун куч тузилмаларини чақирган эди»
Ўзбекистоннинг биринчи мудофаа вазири Рустам Аҳмедов берган узун интервьюсида Ислом Каримовнинг сиёсий шахсияти, унинг атрофидаги амалдорлар, СССР парчаланиши ортидаги воқеалар ва Ўзбекистонда миллий армия шаклланиши ҳақида ўта муҳим ва аввал эшитилмаган маълумотларни баён қилди. У Абдулазиз Комиловни ташқи ишлар вазири этиб тайинлашда шахсан иштирок этганини, Каримов билан муносабатлари эҳтиромли, бироқ муросасиз бўлганини ва ҳатто у билан юзма-юз баҳслашганини очиқ билдирди.
Аҳмедов интервюда ўзини мустақил ва тамомила мафкурага содиқ шахс сифатида кўрсатди. У Каримовнинг сўнгги йилларда ўзгарганини, қўрқинчли сиёсий муҳитда қарорлар қабул қилганини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, собиқ мудофаа вазири ўз ишдан олиниши ортидаги сабабларни, армияни ҳимоя қилишдаги принципиал позициясини ва Ўзбекистон ҳарбийлари учун адолат талаб қилган ҳолатларини мисоллар билан баён қилди. Унинг бу суҳбати яқин тарихга нисбатан янги қарашни тақдим этмоқда.
Хитой Ўзбекистонга «эски» деб расмийлаштирилган янги машиналар етказиб бермоқда
Хитой заводдан чиққан янги машиналарни ҳужжатларда «ишлатилган» сифатида расмийлаштириб, Ўзбекистон, Россия ва бошқа давлатларга экспорт қилмоқда.
Бу «нол масофалик» схема орқали амалга оширилмоқда — яъни ҳеч қачон минилмаган автомобиллар ички бозорда сотилган деб кўрсатилади ва чет элга «эски» машина сифатида юборилади. Бу амалиёт ички бозордаги ортиқча машиналардан қутулиш ва экспортни сунъий кўпайтириш воситаси сифатида қўлланилмоқда.
Ушбу схема Хитойда баъзи расмийлар ва компаниялар томонидан танқидга учраётган бўлса-да, маҳаллий ҳукуматлар савдо кўрсаткичларини яхшилаш учун уни қўллаб-қувватламоқда. 2024 йилда Хитой 6,41 миллион автомобил экспорт қилган бўлиб, шундан 6 фоизи айнан «нол масофалик» машиналарни ташкил қилган. Экспортда асосан бензинли автомобиллар устун бўлса-да, давлат субсидияси билан ишлаб чиқилган электр машиналар ҳам бор.
Ўзбекистон пенсия тизими ислоҳотсиз барқарорликка эриша олмайди — Халқаро валюта жамғармаси
Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) экспертлари Ўзбекистондаги амалдаги пенсия тизимини барқарор ва самарали фаолият юритиши учун тубдан ислоҳ қилиш зарурлигини таъкидлади.
Улар пенсия ёшини босқичма-босқич ошириш, имтиёзли бадал ставкаларини бекор қилиш ва барча учун стандарт тўлов ставкасини кўтаришни таклиф қилмоқда. Шунингдек, пенсия миқдорини меҳнат фаолияти давомидаги ўртача даромад асосида ҳисоблаш ва инфляция даражасига қараб автоматик индексация қилиш кераклиги қайд этилган.
Хулосалар 2024 йил декабрь ойидаги семинар якунларига асосан тайёрланган. Айни пайтда пенсия ислоҳоти концепцияси устида иш олиб борилмоқда ва уни 2025 йил сентябригача президентга тақдим этиш режалаштирилган. 2025 йил июн ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 4,19 миллион нафар пенсия олувчи бор, ўртача пенсия миқдори 1 млн 432 минг сўмни ташкил этмоқда.