Аviasales.uz платформаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг дастлабки ойларида ўзбекистонликлар орасида бизнес-класс авиачипталарини брон қилиш 36 фоизга ошган. Бу ўзгариш юқори қулайликка бўлган эҳтиёж билан изоҳланмоқда.
Маълум қилинишича, ҳар бир бизнес-класс парвози учун ўртача тўлов 11,7 миллион сўмни ташкил қилган. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 9 фоизга юқори. Энг катта талаб Дубай йўналишида қайд этилган бўлиб, бу йўналишдаги чипталар 35 фоизга қимматлашган.
Шунингдек, Сеул ва Истанбул каби шаҳарларга парвозлар ҳам оммалашган. Москва йўналиши эса бундан фарқли равишда 2 фоизга арзонлашган.
Узоқ масофали ва нуфузли йўналишларга қилинган энг қиммат парвозлар қаторида Тошкент — Лос-Анжелес (121,3 млн сўм), Тошкент — Пенсакола (70,3 млн сўм) ва Тошкент — Болоня (64,6 млн сўм) каби рейслар қайд этилган.
Мутахассислар бу тенденцияни вақт ва қулайликка бўлган талабнинг ортиши билан боғламоқда. Йўловчилар орасида юқори хизмат сифати учун қўшимча ҳақ тўлашга тайёр қатлам шаклланмоқда.