Днепропетровск област ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Лисакнинг маълум қилишича, жараёнда яраланганлар сони тез суръатда ошиб бормоқда ва бу кўрсаткич 100 нафардан ошиб кетган.
Лисакнинг сўзларига кўра, жабрланганлар орасида камида ўнта бола бор. Кейинчалик расмий манбалар ҳалок бўлганлар сони 17 нафарга, яраланганлар сони эса 279 нафарга етганини маълум қилди.
Украина Давлат фавқулодда вазиятлар хизматига кўра, Россиянинг бу ҳужуми натижасида фуқаролик инфратузилмалари, жумладан, ётоқхона, спорт зали ва маъмурий биноларга катта зарар етган.
Бундан ташқари, поездга ҳам шикаст етгани ва унинг йўловчилари яралангани қайд этилди. Украина темир йўл компанияси «Укрзалізниця» Россия ҳужуми пайтида поезд портлаш тўлқинидан жабрланганини тасдиқлади. Хусусан, 52-сонли «Одесса – Запорожье» поезди шикастланган.
Компания маълумотича, Днепрда йўловчиларни Зaпорожьега етказиш учун махсус транспорт ташкил этилган. Кейинги расмий маълумотларда поезд йўловчилари ва темир йўл ходимлари орасида ҳалок бўлганлар йўқлиги тасдиқланди, аммо яраланганлар сонига аниқлик киритилмаган.
Шунингдек, 24 июнга ўтар кечаси Сумы областидаги Верхнесироватская маҳалласида Россия дронлари орқали амалга оширилган ҳужум оқибатида уч киши, жумладан, саккиз ёшли бола ҳалок бўлди.
Маълумот учун, Россия қўшинлари Украинага қарши ҳарбий тажовузини тўрт йилдан буён давом эттирмоқда. Сўнгги ҳужум пайтида Россия Украина ҳудудига 97 та «Шахед» туридаги дрон юборган.