Россия Федерацияси таълим вазири Сергей Кравцовнинг 25 июн куни Давлат Думасидаги баёноти Мустақил давлатлар ҳамдўстлигидаги таълим соҳасига жиддий саволларни олиб кирди. Унинг айтишича, айрим мамлакатлар тарих дарсликларида, хусусан, совет даври ҳақидаги маълумотлар Россияга нисбатан салбий руҳда ёритилмоқда ва буни бартараф этиш учун Россия ушбу давлатлар билан «келишилган тарих» яратиш устида ишламоқда.
Кравцов қайси мамлакатлар назарда тутилганини очиқ айтмади, лекин унинг таъкидлашича, гўёки Россия ва МДҲ давлатлари «ягона маърифий, маданий ва маънавий макон» қуриши лозим.
Россия маориф вазирининг бу баёноти жамоатчиликда, хусусан, Ўзбекистонда жиддий эътирозларга сабаб бўлди.
Жамоатчилик фаолларига кўра, Ўзбекистоннинг тарих дарсликларида совет даврига оид маълумотлар холис ва мувозанатли тарзда акс эттирилади. Империявий босқинлар, қатағонлар, очарчиликлар ва иқтисодий мустамлака сиёсати ҳақидаги фактлар замонавий Ўзбекистон тарихи учун муҳим сабоқлардир. Россиянинг бу каби баёнотлари мустақил таълим сиёсатига сурбетларча аралашув сифатида баҳоланмоқда.
«Биз ўз тарихимизни ўзимиз ёза оламиз, бизга Путин ёки унинг малайлари ёзиб берган «талқини келишилган» тарих шарт эмас. Россия ҳозирги Ўзбекистон ҳудудларига босқинчи ўлароқ келган, айнан Россия империяси ва совет Россияси ўзбек давлатларини йўқ қилган. Яқин тарихимиздаги мисли кўрилмаган очарчилик, қаҳатчилик, қатағонлар айнан совет даврида юз берган.
Совет давлати нацистлар Германияси билан бирга бошлаган Жаҳон уруши сабаб минглаб ўзбекистонлик ҳалок бўлган. 1980-йилларда Ўзбекистонни бутун дунёга олабўжи қилиб кўрсатиб, уйдирма айбловлар билан қилинган қатағонлар ҳам унутилмаслиги керак. Айнан Россия империяси ва советлар Ўзбекистонни пахта яккаҳокимлигига қарам қилган, бунинг ортидан бутун бошли денгиз қуриганини гапирмай.
Ҳар бир даврнинг ёмонлиги ёмонлик, яхшилиги эса яхшилик дея эътироф этилиши керак, урушни эса уруш, қатағонни қатағон, жаллодни эса жаллод деб аташ керак. Буни бошқа давлатлар билан келишишга ҳеч зарурат йўқ. Урушни «махсус ҳарбий операция» деб аташга ўхшаш «юмшоқ муқобиллар»га умуман ўрин берилмаслиги керак», — дея ёзган Муҳрим Аъзамхўжаев ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Россия томонининг «умумий тарихни келишиб олиш» уринишлари мустамлакачилик тафаккурининг қолдиғи сифатида кўрилаётгани шубҳасиз. Мақсад тарихни янгидан ёзиш эмас, балки уни қайта форматлаб, сиёсий манфаатларга мослаштириш бўлса, бу нафақат таълим соҳаси, балки умумий минтақавий барқарорлик учун ҳам хавфли тенденция саналади.
Ўзбекистон таълим вазирлиги ҳозирча бу масала юзасидан ҳозирча расмий муносабат билдирганича йўқ.