Қонунга асосан, ўзини мухолифат деб эълон қилган сиёсий партия фракцияси Қонунчилик палатасида бир қўмита раиси ва икки қўмита раиси ўринбосари лавозимини эгаллаши мумкин бўлади. Шунингдек, қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилгунга қадар мухолифат томонидан муқобил таҳрир киритиш ҳуқуқи берилади.
Ҳар чоракда “ҳукумат соати” ва парламент сўрови доирасида камида битта масалани муҳокамага киритиш ҳуқуқи ҳам кафолатланмоқда.
Қонун 6 та моддадан иборат бўлиб, бир нечта амалдаги қонунларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади. Ҳужжат тайёрлашда 20 га яқин давлат, жумладан, Қозоғистон, Арманистон, Буюк Британия ва Малайзия тажрибаси ўрганилган.
Қонун қабул қилингач, уни Президент имзоласа, парламентда мухолифат ҳуқуқлари биринчи марта қонун даражасида кафолатланади.