Тошкент метросида релслар олиб ташланди, йўловчилар қийналмоқда

12:20 | 4 дақиқада ўқилади.

Тошкент ер усти метросида бошланган профилактика ишлари ортидан йўл релслари олиб ташланди, бир неча бекатлар вақтинча ёпилди. Ушбу ҳолат минглаб йўловчилар учун қийинчиликларни келтириб чиқарди.

Metro

Тошкент ер усти метросида олиб борилаётган профилактика ишлари жараёнида жиддий муаммолар аниқланди. Транспорт прокуратураси олиб борган текширувлар натижасида ишлар нафақат белгиланган вақтдан кечикаётгани, балки лойиҳа талабларига ҳам тўлиқ жавоб бермаётгани маълум бўлди.

Айниқса, метро релсларининг аллақачон олиб ташлангани, аммо улар ўрнига нималар қилинаётгани аниқ эмаслиги жиддий саволлар туғдирмоқда. Жорий йил 8 июндан бошлаб «Қипчоқ» ва «Турон» бекатлари орасида поездлар ҳаракати тўхтатилган. Ортидан «Қурувчилар» ва «Янгиобод» орасидаги йўл ҳам ёпилмоқда. Бугунги кунга келиб, 14 та бекатдан 9 таси вақтинча фаолиятини тўхтатган.

Бундай вазият Тошкентдаги минглаб йўловчилар учун катта ноқулайлик яратмоқда. Йўловчилар энди жамоат транспортининг бошқа турларига мажбурий равишда ўтиб, вақт ва маблағ йўқотишмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, профилактика ишлари режа асосида уч ой давом этади. Бироқ Транспорт прокуратураси 24 июн куни маълум қилган текширув натижалари бундай баёнотларга шубҳа уйғотмоқда. Прокурор Икром Наримов бошчилигидаги гуруҳ қурилиш ишларида қатор камчиликларни аниқлаган.

Ушбу лойиҳанинг буюртмачиси «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ, қурилиш ишларини эса «Кўприкқурилиш» АЖ амалга оширмоқда. Бироқ муаммолар учун ким жавобгар экани ҳозирча очиқланмаган. Релслар олиб ташланган шоҳар ва йўловчиларга етказилган ноқулайлик учун ким масъул бўлиши ҳақида ҳам аниқ жавоб йўқ.

Транспорт прокуратураси берган топшириқларга кўра, камчиликлар тез фурсатда бартараф этилиши ва ишлар лойиҳа талабларига тўлиқ мувофиқ равишда қайта кўриб чиқилиши шарт. Бироқ бу қачон амалга ошиши ва йўловчилар қачон яна метродан тўлиқ фойдаланиши мумкинлиги номаълум бўлиб турибди.

Ҳозирча профилактика ишлари ортидан релслар олиб ташланган, бекатлар ёпилган ва йўловчиларда метро тизимига нисбатан ишонч ўрнини саволлар эгалламоқда. «Шаффофлик», «хавфсизлик» ва «сифат» каби шиорлар эса ҳозирча расмий баёнотлардагина қолмоқда.