Қайд этилишича, ушбу операция Ўзбекистон ва БАА Интерпол Миллий марказий бюролари ҳамкорлигида, Дубай полицияси кўмагида амалга оширилган. Дастлаб, турли жиноятлар содир этганлиги учун қидирувда бўлган уч нафар шахсни топшириш тасдиғи олинган. Шунингдек, кейинги ҳаракатларни белгилаш учун кузатув гуруҳи БААга келганда учрашиш таклиф этилган.
«Абу-Даби Интерпол Миллий марказий бюроси ва Дубай полицияси раҳбарияти билан бўлиб ўтган учрашувда Бирлашган Араб Амирликлари ҳудудида яширинган ҳамда у ерда фаолият юритаётган ўзбекистонлик жиноий унсурлар ҳақида конструктив муҳокамалар олиб борилди. Учрашувнинг биринчи қисмида араб ва ўзбек томонлари ўзаро ҳамкорликда қидирувдаги шахслар ҳамда гумонланувчилар рўйхатларини алмашдилар», — дейилади хабарда.
ИИВга кўра, учрашувнинг иккинчи қисмида Интерполнинг Тошкентдаги Миллий марказий бюроси ходимлари қидирувда бўлган ўн икки нафар жиноятчини Ўзбекистонга экстрадиция қилиш жараёнини амалга ошириш бўйича келишувга эришган.
«Бу жиноятчилар мамлакат суд органлари олдида жавоб бериш ва муносиб жазо олиш учун топширилади», — дея қўшимча қилган ИИВ.