Хитой автомобил ишлаб чиқарувчилари янги, лекин расмий ҳужжатларда «эски» сифатида кўрсатиладиган машиналарни Ўзбекистон, Россия, Марказий Осиё ва Яқин Шарқ каби бозорларга фаол экспорт қилмоқда. Reuters нашри ёзишича, бу амалиёт Хитойда «нол масофалик» автомобили деб номланадиган махсус схема орқали амалга оширилмоқда.
Мазкур амалиётга кўра, автомобиллар заводдан чиққач, ички бозорда сотилган деб қайд этилади ва ҳеч қачон минилмаган бўлса-да, расмий ҳужжатларда ишлатилган автомобил сифатида чет элга юборилади. Бу механизм Хитойда ички бозорда сотиш қийин бўлган машиналардан қутулиш ва экспортни сунъий ошириш имконини беради.
Бугунги кунда бу амалиёт Хитойнинг Great Wall Motor компанияси раҳбарлари ва давлат нашрлари томонидан танқид қилинмоқда. People’s Daily газетаси бу ҳолат ички бозорда нархлар урушини кескинлаштириш ва сохта ишлатилган машиналар орқали нархларни сунъий туширишда айблади.
Шу билан бирга, маҳаллий ҳукуматлар бу амалиётни қўллаб-қувватламоқда. Чунки бу орқали савдо кўрсаткичлари тез ўсади ва бу натижалар ортидан қўшимча сармоя ва субсидиялар жалб қилиниши мумкин. Агар бу мақсадларга эришилмаса, маҳаллий амалдорлар ишдан олиниши эҳтимоли юқори.
Бу схема 2019 йилдан бошлаб, Хитой эски автомобилларни экспорт қилишга рухсат берганидан кейин кенг йўлга қўйилди. 2023 йилда Хитой дунёдаги энг йирик янги автомобил экспортчисига айланди ва 2024 йилда 6,41 миллион автомобил экспорт қилган. Улардан тахминан 6 фоизи айнан «нол масофалик» автомобиллардир.
Саноат мутахассисларига кўра, экспорт қилинаётган ушбу автомобилларнинг катта қисми бензинли моделлар бўлса-да, улар орасида давлат субсидияси орқали ишлаб чиқарилган электр автомобиллари ҳам бор.