2025 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 6,5 фоизга ўсиши кутилмоқда

12:15 | 3 дақиқада ўқилади.

Евроосиё тараққиёт банки (ЕОТБ) прогнозига кўра, 2025 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 6,5 фоизга ўсиши режалаштирилмоқда. Банк иқтисодий барқарорлик ва инвестиция фаоллигини асосий омиллар сифатида кўрсатди.

Iqtisodiy o'sish

Евроосиё тараққиёт банкининг (ЕОТБ) янгиланган макроиқтисодий прогнозига кўра, 2025 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 6,5 фоизга ўсиши кутилмоқда. Банк мутахассислари бу ўсишни аҳоли даромадларининг ошиши ва инвестиция фаоллигининг кучайиши билан изоҳлади.

ЕОТБнинг ўрта муддатли прогнозларига кўра, 2026 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 6,3 фоиз, 2027 йилда эса 6,4 фоизга ўсиши кутилмоқда. Банк таҳлилчилари таъкидлашича, бундай барқарор ўсиш ислоҳотлар ва макроиқтисодий мувозанатнинг мустаҳкамланиши натижасидир.

ЕОТБ ҳисоботида инфляция бўйича ҳам прогнозлар берилган. 2025 йил якунида инфляция даражаси 8,1 фоизгача пасайиши кутилмоқда. Бунга мувозанатли пул-кредит сиёсати амалга оширилиши ҳисса қўшади. 2026 йилда инфляция 6,8 фоиз, 2027 йилда эса 5,4 фоизга тушиши прогноз қилинмоқда.

Банкнинг баҳолашича, 2025 йилда Ўзбекистон сўмининг ўртача йиллик курси 1 долларга нисбатан тахминан 13 200 сўм атрофида бўлади. Миллий валюта барқарорлигига чет элдан келаётган пул ўтказмалари ва экспорт ҳажмининг ортиши ижобий таъсир кўрсатади.

Айтиш жоизки, 2025 йил апрелда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатнинг Евроосиё тараққиёт банкига қўшилиши тўғрисидаги қонунни имзолаган. Мазкур қонун аввал январда Қонунчилик палатасида, кейин март ойида Сенат томонидан маъқулланган эди.

Ўзбекистон ЕОТБнинг еттинчи иштирокчисига айланди ва банк капиталида 10 фоиз улуш билан учинчи йирик акционер ҳисобланади.