АҚШда тарифлар кучайтирилди: Хитойдан кичик жўнатмалар экспорти 40 фоизга қисқарди

19:40 | 3 дақиқада ўқилади.

АҚШда 2 майдан бошлаб Хитойдан юбориладиган арзон маҳсулотларга бож имтиёзлари бекор қилингач, Temu ва Shein каби онлайн гигантлар катта талафот кўрди. Май ойида кичик посилкалар савдоси 1 млрд долларга тушиб, 2023 йил бошидан бери энг паст даража қайд этилди.

Cina export

АҚШ Хитойдан келаётган товарларга нисбатан «de minimis» қоидасини бекор қилди. Унга кўра, 800 доллардан кам қийматдаги посилкалар бождан озод этилар эди. Янги тартиб асосида кийим-кечак, маиший техника ва электроника каби маҳсулотларга бож миқдори 54 фоизгача оширилди.

Shein ва Temu ўз маҳсулотлари нархини кўтаришга мажбур бўлиб, икки рақамли фоизлардаги савдо пасайишини қайд этмоқда. Бундан ташқари, Хитойлик тадбиркорлар арзон тўғридан тўғри етказиб беришдан воз кечиб, АҚШдаги омбор орқали савдога ўтишга мажбур бўлмоқда. Бу эса улар учун юз минглаб юанлик харажатларни англатади.

Хитойлик юз минглаб сотувчилар Америка бозоридаги асосий афзалликларидан айрилмоқда. Бу эса рақобатни пасайтириб, АҚШдаги истеъмолчилар учун нархлар ошиши хавфини туғдирмоқда.

Йиллик солиштирмада АҚШга юборилаётган кичик жўнатмалар ҳажми 40 фоизга қисқарган. Шундай бўлса-да, бу чекловлардан баъзи мамлакатлар фойда кўрмоқда — Малайзия, Белгия ва Жанубий Кореядан юборилаётган товарлар ҳажми ўсмоқда.

«Бу ҳам сотувчилар, ҳам харидорлар учун ютқизиш ҳолати», — дейди хитойлик бренд Shantivale асосчиси Ванг Юҳао.