Қозоғистон мусулмонлари бошқармаси (ҚМБ) Counter-Strike 2, Dota 2, GTA, League of Legends, Minecraft ва Genshin Impact каби машҳур компьютер ўйинларини шариат нуқтаи назаридан ўйнаш мумкинми, деган саволга расмий жавоб берди. Бошқарма мусулмонларга қайси турдаги компьютер ўйинларини ўйнаш мумкинлигини ҳам маълум қилди.
Бошқарма маълум қилишича, тарғиботида зўравонлик, қотиллик, уруш, худосизлик ёки динни масхара қилиш каби саҳналар мавжуд бўлган барча ўйинлар қатъиян ман этилган. Шунингдек, Қозоғистон мусулмонлари бошқармаси компьютер ўйинларидаги қимор элементларига ҳам алоҳида эътибор қаратди.
ҚМБ таъкидлашича, ўйинларда қимор унсурлари бўлмаслиги шарт. Бошқарма бу масалада Қуръони Каримнинг «Моида» сурасининг 90-оятини келтирган: «Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр (арақ), қимор, бутлар ва фол очадиган чўплар ифлосдир. Бу шайтоннинг ишидир. Бас, ундан узоқ бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз».
Бу сўзлар бевосита Counter-Strike 2, Dota 2, GTA каби ўйинларга тааллуқли, чунки ушбу ўйинларда шафқатсизлик ва зўравонлик элементлари мавжуд.
ҚМБ қандай ўйинларни ўйнаш мумкинлигини ҳам аниқ белгилаб ўтди: «Ушбу талабларга зид бўлмаган мантиқий, ривожлантирувчи ва таълимий ўйинлар ўйнаш мумкин, деб ҳисобланади. Агар ўйин шариат талабларига зид бўлмаса, орқали дам олиш ҳам мумкин», — дейилади баёнотда.