Жогорку Кенеш сессиясида давлат тили қўлланилишига оид айрим қонунларга ўзгартишлар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳалари иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилинди. Янги қоидаларга кўра, мамлакатнинг барча юқори даражадаги амалдорлари қирғиз тилини билиши шарт бўлади.
Қонун депутатлар, Вазирлар маҳкамаси раиси, ҳукумат аъзолари, Конституциявий ва Олий суд, маҳаллий судлар судьялари, прокурорлар, терговчилар, Миллий банк ходимлари, ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамда миллий хавфсизлик хизматлари фаоллари учун тил билиш мажбуриятини белгиловчи нормаларни ўз ичига олди.
Шунингдек, адвокатлар ва нотариуслар қирғиз тилини етарли даражада билмасдан лицензия олиш имконига эга бўлмайди. Қонун лойиҳаси давлат тилини оммавий ахборот воситаларида кенгроқ қўллашни ҳам талаб қилади. Эндиликда телевидение ва радиода қирғиз тилидаги эшиттиришлар умумий эфир вақтининг камида 60 фоизини ташкил этиши шарт.
Ташқи миграция тўғрисидаги қонунга киритилган ўзгаришларга кўра, Қирғизистонда доимий яшаш учун давлат тилини билиш мажбурий бўлади. Агар чет эл фуқароси тилни билмаса, унга иқомат ёки иммигрант мақоми берилмайди.
Бундан ташқари, давлат тилида тайёрланган реклама матнлари маҳаллий ҳокимият органлари томонидан орфография ва тил қоидаларига мувофиқлиги юзасидан тасдиқланиши шарт.
Тил қонунлари бузилган тақдирда жисмоний шахсларга 5 минг сом, юридик шахсларга эса 17 минг сом жарима солинади. Бу жарималарни Қирғизистон Миллий тил ва тил сиёсати комиссияси кўриб чиқади ва қарор қабул қилади.