Давлат хизматида кадрлар тайёрлашнинг яхлит тизими жорий этилади

11:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Президент фармони асосида давлат хизматчилари учун ягона таълим ва баҳолаш тизими йўлга қўйилади.

Kadrlar tayyrolash

Президентнинг фармонига мувофиқ, Ўзбекистонда давлат хизматида кадрлар тайёрлаш, баҳолаш ва хизмат сафарларини мувофиқлаштиришнинг яхлит тизими жорий этилади. Бу ҳақда расмий хабарда маълум қилинди.

Янги тизимга кўра, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси ҳамда «Эл-юрт умиди» жамғармаси ҳамкорлигида кадрларни танлаш, малакасини ошириш ва карьерасини шакллантириш бўйича чоралар кўрилади. Танловлар очиқ ва адолатли тарзда, ягона портал орқали амалга оширилади.

2026 йилдан бошлаб давлат хизматига илк бор қабул қилинган ходимлар билан шартнома аввал бир йилга тузилади. Улар мажбурий курсларда ўқиб, ҳар уч йилда малака ошириши шарт бўлади. Улар билим, раҳбарлик қобилияти, компьютер саводхонлиги, қонунчилик, давлат тили ва чет тилларини билиш даражаси бўйича текширилади.

2025 йил 1 октябрдан бошлаб давлат хизматчилари учун хизмат сафарларини юритиш ва таҳлил қилиш «Xizmat safari» электрон модули орқали амалга оширилади. Шунингдек, 1 сентябрдан «Давлат хизматчиси» мобил иловаси ишга туширилиб, ўзаро мулоқот ва ривожланиш имконияти яратилади.

Мазкур ислоҳотлар давлат фуқаролик хизматини самарали ва профессионал асосда ташкил этиш, кадрларни шаффоф тарзда танлаш ҳамда хизмат самарадорлигини оширишни мақсад қилган.