ДХХ 2 тоннадан ортиқ гиёҳвандлик воситаларини ёқиб йўқ қилди

13:45 | 3 дақиқада ўқилади.

26 июн – Халқаро гиёҳвандликка қарши курашиш куни муносабати билан Давлат хавфсизлик хизмати томонидан 2 тоннадан зиёд гиёҳвандлик воситалари ёқиш йўли билан йўқ қилинди.

Dxx

Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан мусодара қилинган гиёҳванд моддалар йўқ қилиш тадбири ўтказилди. Ушбу тадбир 26 июн – Халқаро гиёҳвандликка қарши курашиш куни муносабати билан ташкил этилди.

Йўқ қилинган гиёҳвандлик воситалари умумий оғирлиги 2 тонна 135 килограмм 188 граммни ташкил этди. Йўқ қилинган моддалар орасида энг катта қисмни марихуана, героин ва гашиш каби кучли таъсир этувчи воситалар ташкил этган.

Жумладан, 99 кг 882 грамм героин, 202 кг 555 грамм опий, 415 кг 124 грамм гашиш, 395 кг 739 грамм марихуана, 613 кг 94 грамм каннабис ўсимлиги йўқ қилинди. Бундан ташқари, 153 кг 15 грамм кўкнор бошоғи ва сомони, 57 кг 847 грамм мефедрон, 29 кг 603 грамм a-PVP, 5 кг 750 грамм спайс ва 5 кг 544 грамм катинон ҳам ёқилди.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, гиёҳванд моддаларни йўқ қилиш жамият хавфсизлигини таъминлаш ва аҳоли, айниқса ёшларнинг саломатлигини ҳимоя қилишда муҳим қадамдир.

Давлат хавфсизлик хизмати ушбу соҳадаги курашни изчил давом эттиришини ва гиёҳвандликка қарши қатъий чоралар кўришда давом этади.