Элдор Шомуродовга Италиядан янги талабгор: унга «Кремонезе» жамоаси жиддий қизиқмоқда

15:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Италиянинг «Рома» клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродов ёзда янги жамоага ўтиши мумкин. Унинг трансфери билан “А” серияга қуйи лигадан қайтган «Кремонезе» ва Туркиянинг «Башакшеҳир» клублари жиддий қизиқмоқда.

Eldor shomurodov

Италия ОАВ маълумотларига кўра, «Кремонезе» Шомуродовни янги мавсумда жамоа ҳужумидаги асосий етакчилардан бири сифатида кўрмоқда. Мазкур клуб бу йил “Б” серияда муваффақиятли иштирок этиб, элитага йўл олди ва ҳозирда тажрибали футболчилар билан таркибни кучайтиришга интилмоқда. Айни пайтда узбекистонлик ҳужумчи ва «Кремонезе» ўртасидаги музокаралар дастлабки босқичда, аммо уларнинг қизиқиши анча жиддий. Айтишларича, Шомуродов трансфери учун «Кремонезе» 8 миллион евро сарфлашга тайёр.

Шомуродовнинг «Рома» билан тузилган шартномаси 2026 йил ёзигача амал қилади. Рим клуби эса ушбу трансфер ойи якунлангунча келишувни расмийлаштиришни истамоқда. Бу орқали таркибдаги рақобатни ошириш ва молиявий юкламаларни камайтириш кўзланган. Элдор ўтган мавсумда 37 ўйинда майдонга тушиб, жами 7 гол уриб ва 5 голли узатма амалга оширган.

Шу билан бирга, Туркиянинг кучли клубларидан бири — «Башакшеҳир» ҳам уни ўз сафига қўшиб олиш ниятида. Улар Элдорни ҳужумни кучайтириш учун муносиб номзод деб ҳисоблашмоқда. Аммо футболчининг Италияда қолиш истаги унинг танловида ҳал қилувчи омил бўлиши мумкин.