Исроил вазири Ғазога ёрдамни бутунлай тўхтатишга чақирди

19:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Итамар Бен Гвир: Ёрдамни тўхтатиш Ғалабани тезлаштиради.

Gazo

Исроил миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен Гвир халқаро ҳамжамиятга мурожаат қилиб, Ғазо секторига гуманитар ёрдамни бутунлай тўхтатишга чақирди. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.

Вазир Ғазога кириб келаётган гуманитар ёрдамни «мутлақ шармандалик» деб атаб, уни вақтинча эмас, балки тўлиқ тўхтатиш лозимлигини таъкидлаган.

«Мен бир неча бор огоҳлантирганман. Афсуски, бир ярим ой олдин ёрдам киритилишининг олдини олиш учун овоз берган ягона киши мен эдим. Мен ёрдам HAMAS’га фойда келтиради, деб ишонганман. Ўшанда баъзилар мен билан масхара қилган, ёрдам фақат шимолий секторга 10 кун давомида киритилиши ҳақида гапиришганди.

Бугун эса аниқ: HAMAS озиқ-овқат ва товарлар миқдорини назорат қилмоқда ва бу унинг омон қолишига ёрдам бераяпти. Ёрдамни тўхтатиш ғалабага эришишни тезлаштиради. Мен бош вазирдан Вазирлар Маҳкамасининг навбатдаги йиғилишида бу масалани яна овозга қўйишни талаб қиламан», — деган Итамар Бен Гвир.

Бу Бен Гвирнинг Ғазога гуманитар ёрдамни тўхтатишга биринчи марта чақириқ қилиш ҳолати эмас. У 2024 йилда ҳам шундай мурожаат билан чиқиш қилган эди. Шунинг ортидан Австралия, Канада, Янги Зеландия, Норвегия ва Буюк Британия унинг ва яна бир вазирнинг фаолиятига нисбатан санкциялар жорий қилган.

Британия ҳукумати: «Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен Гвир ва молия вазири Бецалель Смотришга саёҳат тақиқланади ва активлари музлатиб қўйилади», — дея баёнот берган.

Икки вазир ҳам Ғарбий Соҳил ва Ғазодаги уруш бўйича билдирган «ғазабли» изоҳлари учун халқаро танқидга учраган.